“Исёним бепоён, истиғфорим ҳадсиз...” – Қодирий суддаги нутқида нималар деган?


Сақлаш
12:04 / 10.04.2022 1318 0

Абдулла Қодирий ижоди ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш учун йирик ва  кичик насрий асарлари билан журналистик фаолияти, таржимаи ҳолига доир ёзишмаларини бир-бирига боғлиқ ҳолда ўрганиш лозим. Ёзувчи биографиясини очиқловчи шахсий ёзишмалар у қадар кўп эмас. Шундай маълумотлардан бири адиб томонидан тайёрланган маъруза матни бўлиб, қодирийшуносликда қимматли манба сифатида қадрлидир. Даврнинг нафаси ва босимини ўзида муҳрлаган маъруза матни ўзбек матбуоти ва тарихий-адабий жараёни билан боғлиқ муҳим маълумотлар ҳақида хабар беради.

 

Мазкур суд жараёни ёзувчи ҳаётида ўзига хос “бурилиш” нуқтаси бўлиб хизмат қилган. “Мушутум” журналида (1926. 02.) босилган “Йиғинди гаплар” мақоласи учун адиб айбдор деб топилади, жиноий жавобгар сифатида судга тортилади. Суд воқеаларигача бўлган жараёнга бир оз ойдинлик киритиб олиш лозим. Дастлабки романнинг шон-шуҳрати, унинг кутилмаган даражада оммалашиб кетиши, ёзувчининг жамият томонидан эътироф этилиши, ўзбек матбуот майдонида “фельетонлар қироли” бўлиб танилиши  барчаси – адибнинг ўзига нисбатан ишончини ошириб, бир оз мағурурланишига йўл очган бўлиши мумкин. Матбуот орқали Ғози Юнус билан юз берган баҳс мунозарада ҳам бу сезиларли даражада акс этади (“Муштум” Танқид. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Т.: Янги аср авлоди. 2007. –Б. 244; “Шаллақи”. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Т.: Янги аср авлоди. 2007. –Б. 249; “Ўжар кўр”. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Т.: Янги аср авлоди. 2007. –Б. 255.). Қодирий ва Ғози Юнус орасидаги баҳс мунозараларнинг туб асоси журнал савияси билан боғлиқ бўлса-да, аммо “шахсият кирларидан” холи бўлмаган ўринлар ҳам йўқ эмас.

 

“Муштум” журнали ёзувчининг ижодида янги бир саҳифа очди дейиш мумкин. Унинг журналдаги фаолияти ижодида алоҳида йўналиш сифатида мазмун касб этади. “Муштум” журнали орқали ижодкор Калвак Махзум, Тошпўлат тажанг сингари ўзининг бутунлай янги қиёфага эга бўлган бетакрор қаҳрамонларини адабиёт майдонига олиб кирди. Ғози Юнус ўз мақоласида Калвак Махзумнинг ёзилиш жараёни ҳақида шундай маълумотни келтиради: “Муштум”ни бошлаб чиқаришда биз Жулқунбой каби кулгучиларимизга инониб чиқардиқ. Ялиниш ва ёлбориш, ҳатто тарелка тутиб бўлса-да, икки йилгача иштирок этдириб келдик. Ҳали ҳам ялинишдан тўхтаганимиз йўқ” (Ғ.Юнус. Танқидми, тош отиш. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Т.: Янги аср авлоди. 2007. –Б. 455.). Ғози Юнус навбатдаги мақоласида юқоридаги фикрини давом эттиради: “Журнални тузатиш ва кенгайтириш учун бизнинг “Жулқунбойлар”ға ялинишимиз табиийдир. Бу мақсаднинг тагида ҳеч бир қандай замир – фамир йўқ...” (Ғози Юнус.  Шаллақи ким. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Т.: Янги аср авлоди. 2007. –Б. 458.) Муштум журнали таҳририяти билан ёзувчи ўртасида “икки йилгача” маълум бир шартнома тузилган бўлиши мумкин. Ғози Юнус агар Жулқунбой “Муштум”га чин ихлос билан ёндашганда “Ўрта Осиёда” ягона нашрга айланиши мумкин эди, деб ёзади. Жулқунбойнинг “тарелка” тутиб ялинтириш сабаби унинг табиатидаги ўзига хос мураккаблик ва истеъдодига етарлича баҳо бериши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу боис ёзувчи баъзи мақолаларида ўзгаларни “шахсият гуваласи” билан уради-ки, бу унинг журналистика қоидаларига доим ҳам риоя қилмаганлигини кўрсатади. Юқорида саналган факторларнинг барчаси йиғилиб, ёзувчининг “попугини пасайтириб” қўйиш ниятида суд воқеалари уюштирилган бўлиши мумкин. Ўзига ҳаддан зиёд ишонган ёзувчини руҳан синдириш мақсади ҳам айбловга қўшимча асос бўлгандир. Зеро, адиб ҳар қанча кибрга берилмасин адабиётни нафсига қурбон қилмаган, ишига масъулият билан ёндашган, бошқаларни ҳам шунга чақирган.

 

Маълумотларга кўра ёзувчи Суд воқеалари Самарқанд шаҳрида бўлиб, адиб қаршилик кўрсатади, очлик эълон қилади. Ёзувчининг онаси Жосиятбиби, устози Алижон домла ва Ғулом Зафарий адибни кўргани боришади. Алижон домланинг насиҳатига кўра у очликни тўхтатади. Мазкур суд воқеалари ёзувчи ҳаёти ва руҳиятига жиддий таъсир ўтказади. Тўғрироғи унинг руҳияти, ижодкорлик позицияси, инсоний эътиқоди яна бир бора синовдан ўтади. Ёзувчи мунофиқ кимсалар томонидан тайёрланган фитнани имтиҳон ўрнида қабул қилиб, муносиб равишда жавоб беради. Қодирийнинг шу вақтгача ёнида юрган, маслакдош деб ўйлаган кимсалар юзидаги ниқоби ечилиб, К.Алимов, З.Саид, Хуршид каби шахсларнинг асл қиёфаси очилади.

 

Ёзувчи ҳақиқат чекинган ва ноҳақлик авж олган вазиятни инобатга олиб маълум маънода ҳукумат талаблари билан ҳисоблашиш учун муросага боради. Мақолада эътибор берилган нуқталарга тўхталиб ўтамиз. Биринчиси, мақола нашрга тайёрланиши жараёнига изоҳ берувчи муаллиф сифатида фикрини асослаб, далил келтиради. Иккинчиси, санъат ва адабиёт назариясини “илмий ва адабий” йўлда шарҳловчи мутахассис сифатида кулгига таъриф беради. Учинчиси, ҳақ-ҳуқуқларини яхши англовчи фуқаро, тўртинчиси, ижтимоий сиёсий вазиятни тушунган журналист, бешинчиси, вазият билан ҳисоблашувчи тадбиркор, сўнггиси Ҳақ йўлида курашувчи иймон-эътиқодли шахс. Мана шу ўринлар айнан ёзувчи шахсиятининг таянч нуқталари ҳисобланади.

 

Муаллиф эски давр кулгиси билан янгисини солиштира туриб Калпараш исмли қизиқчи ҳақидаги ҳикояга тўхталади, яна бир бора маҳоратини ишга солади. Калпараш хоннинг қизиқчиси бўлиб, саройдаги амалдорларга “муқаллид” қилиб одамларни кулдириб юрган. Унинг томошаларидан завқланиб кетган хон “Менга ҳам муқаллид бўл, ҳазил тўқи” дейди. Калпараш буйруқни усталик билан бажарадики, худди хон сингари чилимни яхши тайёрламаган хизматкорни арзимаган айби учун “ўн дарра” уришга  буюради. Ташқаридан ўзини кўрган хон хатосини тан олмай, ўзини танқид қилган Калпарашни ўлимга буюради. Ёзувчи ўзини “бу кунги бир Калпараш” деб атайди. Муаллиф келтирган мисолдан “ҳисса чиқаришни” суд ҳукмига ҳавола қилади.

 

Муаллиф судловга асос бўлган “Йиғинди гаплар” мақоласида Туркистонда бўлаётган ўзгаришлар миллат манфаати учун эмас, балки номига кўз-кўз учун бўлаётганини танқид қилади. Бундай вазиятда ўзини бефарқликка солиб яшаётган зиёлиларни танқид қилади. “Ўлкада нима кўб экан – ухлайдирған бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлағучи менга ўхшаган овсарлар! Мен сизга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маъорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас барчаси ҳам ухлайди” (269). Муаллиф ўз тинчлигини ўйлаган ўзбек бундай ағдар-тўнтар паллада, яъни кундан-кунга умид қўлдан кетиб бораётган паллада ухлайди, унинг билгандан билмагани, тушунгандан тушунмагани афзал, дея киноя қилади. Давомидан эса бу кунлар ўтиб вазият ўзгариши ва халқ ўз йўлини топиб олишига ишора қилади. “Ўчоқбошини холи топқан олақарғалар бўлса хўбам билган номаъқулчилигини қилаяпти! Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилиб олар-ов, оғайни!” (269). Ёзувчи шўроларнинг мақсадидан хабардор, аммо бир кун ҳақиқат юзага чиқиб, уйқудагилар уйғониб “баҳор келса” “олақарға”дан тозалаб “қатрон-патрон” қилиб “ўчоқбоши”га эгалик қилишидан умидвор. Муаллиф мақолада бевосита ўша вақтдаги давлат раҳбарларидан бири бўлган Акмал Икромовга мурожаат қилади. “Сенга мисол бериш учун Шайх Саъдийнинг ҳикматига ва ё Калиланинг Димнасига мурожаат қилиб ўлтирмайман. Мисолни нақ мутаккалимдан эшит. Мен ҳар куни худоға тўққиз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним бепоён бўлганидек, истиғфорим ҳадсиз ва лекин исёнсиз қолган соатимга жуда оз учрайман! Бас, онглағилким, эй Акмал! Тавбага бўйин буккан банда, бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилган расво-расволарнинг яна ашаддий расвосидир. Ўз бутунлиғини сақлай олмаған бошқаға эн бўла оладир деб ҳеч бир китобда учрата олмадим. Айтмакчиманки, тавбаси бошини есин, сен бўлсанг, ишингдан қолма, отингни чуҳ, де! Ҳақиқат олдида бўйин эгиш тавбадир, ўзгаси ғавғодир! (Абдулла Қодирий – Жулқунбойнинг 1926 йил 15-17 июнда бўлиб ўткан судда сўзлаган нутқи. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2014. – Б. 360) (270).

 

Адиб хулосасига кўра инсон ёлғиз ҳақиқат олдида бўйин эгиши мумкин, бундан бошқаси мунофиқлик ва иккиюзламачиликдир. Ўзига ҳисоб бериб яшаш иймонли одам учун мезон. Кундалик турмушда “тўққиз мартаба осий” бўлиш тирикчилик кўчасининг нотекислигини билдирса, “ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор” айтиш, пушаймонлик ва тазарру – иқрор демак. Инсон ҳурлигига қарши қуйилган ҳар қандай тақиқ чексиз исённи юзага келтиради. Ижодкорнинг таъкидига кўра унинг “исёнсиз соати” деярли йўқ. Ёзувчи ҳаётининг ҳар бир дақиқаси исён билан “зийнатланган”. Бу англаб етилган умр фаласафаси. Исён кимга нисбатан? Албатта ўз нафсига қаратилган. Адиб учун тавба фақатгина Яратганнинг олдида! Бундан бошқасига тавба қилиш қулликни юзага келтиришдан бошқасига ярамайди. Қодирий суддаги нутқида мазкур мақоладаги парчага шундай изоҳ беради: “Банда ҳақиқатни тушуниб эмас, кучланиб, ожизланиб бўйин букадир. Бас, бу ҳолатдаги тавба тавбамас, балки шахси ихтиёрни, муҳокамани қўлдан бериб одамгарчиликдан чиқишдир. Ўзинг бир ҳақиқатка қониқмай туруб ва ўзингнинг хатоингга тушунмай туруб фақат ожизликдан қилинған тавба тавба эмас, ҳам ўзингни, ҳам ўзгани алдаш” билан баробардир деб изоҳ беради (Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2014. – Б. 386). Берилган парчада уч муҳим бўғин ҳақида сўз боради. Биринчиси, “банда ҳақиқатни тушуниб эмас, кучланиб, ожизланиб бўйин букадир...” Юз берган ҳодисага онгли равишда эмас, балки моҳиятни англамасдан, ўзини ожиз санашга маҳкум, деб ҳисоблашдир. Маънавий ожизлик бу ҳақиқат моҳиятини англамасликдир. Иккинчиси, “Бас, бу ҳолатдаги тавба тавбамас, балки шахси ихтиёрни, муҳокамани қўлдан бериб одамгарчиликдан чиқишдир...” Ўзи англамаган тушунчани ҳақиқат, деб қабул қилиш, унга бўйсуниш, муҳокама қилиш ваколатини қўлдан бериш, ўз эркини бировнинг қўлига топшириб қўйиш билан баробардир. Руҳий ҳурриятни қўлдан бой берган “одамгарчиликдан” чиқиши бор гап. Учинчи бўғин, “Ўзинг бир ҳақиқатка қониқмай туруб ва ўзингнинг хатоингга тушунмай туруб фақат ожизликдан қилинған тавба тавба эмас, ҳам ўзингни, ҳам ўзгани алдаш”. Адиб ҳақиқат тушунчасини соф фалсафий, исломий концепция асосида изоҳлайди. Авваламбор, Ҳақиқатни тушуниш ва унинг асл моҳиятини англаш лозим. Адиб  чорасизликдан, иложсизликдан ёки бировдан қўрқувдан қилинган табвани маънавий ожизлик деб баҳолайди. Хатоларни тан олиб, гуноҳларга иқрор бўлиш том маънодаги Ҳақиқат, Яратганнинг илоҳий адолатини тан олиш демакдир. Ҳақиқатга берилган таърифда ёзувчининг иймон-эътиқоди, салоҳияти ва заковати, тафаккур кўлами мужассамдир.      

 

Қодирий маърузада “Ерлилашдириш, ўзбекчалашдириш” масаласига ҳам эътибор қаратади. Охунбобоевнинг маориф ҳақидаги қарашларига муносабатини “шахсий ҳазил” анови “унсурларга замзамадир” деб изоҳлайди. Ёзувчи зиёлилар ва зиёнлилар сўзини эҳтиёткорлик билан қўллайди. Зиёлиларни икки гуруҳга ажратади. 1. Эски, Ўктабргача бўлған зиёлилар. 2. Янги Шўро зиёлилари. Чўлпоннинг “зиёнли”лар ҳақидаги шеърига Акмал Икромовнинг билдирган муносабатига адиб эътироз сифатида, “Фақат кўзида тавба қилған бўлуб кўринуб риёкорлик қилмасинлар, тавбаларига қуруқ сўз беришдан иборат бўлмасин” дея таъкидлайди. Мунофиқлик йўлини тутган зиёлиларнинг халқ учун “зиёнлари” катта эканлиги, “риё” қилманг, халқнинг ишига аралашманг, уларнинг “ақли ҳуши бошида, яқин ўткан кунларингиз унинг кўз оқида” эканлигини ёзади. Адиб мунофиқликнинг илдизи “ўзига ишончсиз ва имонсиз”ликка бориб тақалишини далиллаб кўрсатади.  

 

Ёзувчи ўзига қарши гувоҳлик берганлар ҳақида “мундоқ гапириши фақат шахсий адоватдан иборат, чунки бирон вақт жонларига теккан бўлсам керак, аммо қай тариқада уларга гап тегдирганимни айта олмайман. Гувоҳ Зиё Саидийни оғзаки танқид қилган эдим” (Абдулла Қодирий. Диёри бакр. – Т.: Янги аср авлоди. 2007. – Б. 363.). Айбловнинг бир неча кишилар томонидан уюштирилганини ёзувчи жуда яхши билган. Мақола таҳририятга олиб борилганда Зиё Саид бўлмаган, аммо нима учундир  у судда мен бор эдим, деб ёлғондан гувоҳлик беради, фитнага бош қўшади.

 

Ёзувчи бир неча саҳифалик нутқида шахс сўзини бир неча оҳангда қўллайди. “Шахсий адоват”, “шахсий роҳати йўлида элни эмиб”, “баъзи устолпараст, танпараст шахсларимиздан киноядир”, “шахсий ҳазил”, “шахсий бутунлиқ”, “мустақил шахс”, “шахсини кўра олмайсиз” (шахси ноаниқ – С.Т.), “мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар” билан “бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим” деб ёзади. Ёзувчи айблов мақолага эмас, балки ўз шахсига қаратилганлигини яхши билган ва эътиборни шахсий муносабатлар масаласига қаратган. Унинг нутқидаги “маънавий ўлим билан ўлдирилдим” сўзида ҳаракат унинг ўзи томонидан эмас, балки ўзгалар тарафидан бажарилгани ва шунга маҳкум эканлигини англатади. У суддаги нутқида “жазойингиздан қўрқуб эмас, балки виждоним, иймоним тазйиқи остида сўзлайман”, дея ўзининг ҳаёт дастурини эълон қилади. Бу оддий хабар ёки шиор эмас, балки талаб ва тартибни билдиради. Ёзувчининг мазкур фикри уни яқинроқ билишимизга кўмак беради. Шахсий бутунлиқ, мустақил шахсият қуллик билан зиддир. Шахсий бутунлиғи бўлмаған, яъни ўзида ҳақиқатни ихтиёр қила билиш кучи тополмаған ожиз, ихтиёрсиз одамлар жамият учун фойдалик ва чин ағзо бўла олмаслар” (Абдулла Қодирий – Жулқунбойнинг 1926 йил 15–17 июнда бўлиб ўткан судда сўзлаган нутқи. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. –Тошкент: Янги аср авлоди, 2014. – Б. 368.). Ёзувчи учун ҳар қандай жазодан кўра иймон талаби устун.

 

Эътибор берсак, ёзувчи учун асосий мезон – иймон, виждондир. Ҳар қандай таҳликали қалтис лаҳзада ёзувчи чекинмайди, фикрида собит. Аслида, ёзувчининг мазкур нутқи бир-бирини сотиб чақимчиликни касб қилиб олаётган ўша давр зиёлилари учун мурожаатнома ўрнидадир. Ёзувчи учун маънавий ўлим олдида жисмоний ўлим беписанд. Ёзувчининг таржимаи ҳоли билан боғлиқ факт бизга Отабек ва Анвар образининг қай фазовий макондан олинганига далил. “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “их” дейдирган йигит эмасман. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмаған содда, гўл, виждонлик йигитка бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқунч эмасдир” (Абдулла Қодирий – Жулқунбойнинг 1926 йил 15–17 июнда бўлиб ўткан судда сўзлаган нутқи. Абдулла Қодирий. Диёри бакр. –Тошкент: Янги аср авлоди, 2014. –Б. 368) (367).

 

Инсон шахсининг эврилиши, давр билан муросага бориши ниҳоятда мураккаб жараён. Аммо шуни қатъий равишда айта олиш мумкинки, Қодирий бу жараёндан ўз “мен”ини омон сақлашга уринди. У “бойлар, уламолар, чўнтакчи хоин ва ўғрилар, умуман, Ўзбекистон тескаричиларига”, “ўчоқбошини холи топган олақарғаларга” нисбатан нафратини очиқ кўрсата олган адиб сифатида намоён бўлади. У “биз ҳар нарсага ишонадирган ва ҳар бир олғанимиздан қўл ейдирган (алданиш) бир миллатмиз” деганда Туркистон эгалигини қўлга олган, содда халқни алдаётган ҳукуматнинг асл мақсадини фош қилади. Ўзини “мен бўлсам мустамлакачилар калтагини еб, калтак зарби билан кўзим мошдек очилиб (уруб қолинг айланай почча!)” деб таништиради. Унинг кўзларини зулм ва зўровонлик “мошдек” очган. Муаллиф шўровийларни очиқчасига “мустамлакачилар” дея, уларни ўз номи билан атайди. Мақола ёзилган йилларни эътиборга олсак, бу сўзларни айтиш учун ҳам журъат ва жасорат керак эканлиги маълум бўлади.

 

Маълумотларга кўра, адиб шўро ҳукуматининг сиёсатини умуман қабул қила олмаган. Дастлабки ижод намуналари “Шодмарг”, “Тинч иш” каби асарларидаёқ унинг ижтимоий позицияси очиқ кўрсатади. “Тинч иш”да Шариф охунднинг ҳаёти мисолида турли йўлларда тентираган, нафс йўлларида иймонидан айрилган кимсаларнинг ҳаёти мисолида большевиклар сиёсати орқасида юзага келган фожиалар қаламга олинган.

 

Суд ҳукмига кўра адиб икки йилга озодликдан маҳрум қилинади. Аммо Олий суд ҳукм эълон қилган куниёқ Охунбобоев, Ғозиев, Икромов, Қосимхўжаев ва бошқалар имзоси билан қарорни бекор қилиш тўғрисида илтимоснома ёзади. Сўров қабул қилиниб, адиб озодликка чиқарилади, аммо унинг учун матбуот эшиклари ёпилади.

 

А.Қодирий ўз таржимаи ҳолида ижодий биографияси ҳақида шундай маълумот беради. “Хулоса бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир. Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...” (Абдулла Қодирий. Диёри бакр. –Тошкент: Янги аср авлоди, 2014. –Б. 174). Бу ўринда юқорида биз таъкидлаган ёзувчининг “ўзига ишончи” яна бир бора йилт этгандай...  У маърузада ўзининг ҳукумат қарорларини шунчаки онгсиз бажарувчи шахс эмас, балки фикрловчи, “меҳнаткашлар манфаати”ни ўйловчи, муҳокамага қобил миллатпарвар сифатида хизмат қилганлигини айтади.

 

Маъруза сўнгида адиб “маним ҳақимда ким нима деса десин”, “Маркс ва Ленин”нинг “ҳароратли шогирдиман” деб айтади. Бу сўзлар нимани англатади? Адиб замон зайли билан муросага бормай иложи йўқ эди. “Улуғ доҳий”ларнинг номини айтиш, унинг учун бир йўл эди. Бу вақтда шўролар ҳукумати ҳар бир жабҳада ўзининг назоратини ўрнатиб бўлган, миллат ихтиёри қўлдан кетиб, истиқлол умиди борган сари узоқлашиб бораётган эди. Буларнинг барчаси адиб қалбида сўнгсиз исён оловини ёқар, аммо имкон бунга йўл бермас.

 

Маърузада адиб руҳониятидаги қавариқ чизгилар, эътиқодий қалқишлар, иккиланишлар ўз аксини топган. Адиб сиймосида ҳаёт сўқмоқларида йўлини йўқотиб қўйишдан ҳадик олган, миллат маънавиятига ўзини дахлдор санаган, ижодни муқаддас вазифа билган, хатолари учун истиғфор айтган, адолат учун курашган каби турли қиёфалар мужассам. Буларнинг барчаси бир нуқтада адибнинг улуғ Шахсиятида ўзаро кесишади. Миллат ва адабиёт масаласи кўндаланг келганда, иккиланмасдан  “от қўювчи” улуғ ёзувчи ўз бутунлигини сақлаб қолишга эришди. Ёзувчи томонидан тайёрланган маъруза матни унинг таржимаи ҳолидаги кемтикларни тўлдирувчи адабий манба бўлиши билан бирга, ўша давр замон нафасини ўзида акс эттириши билан илмий қимматга эга.

 

Санобар ТЎЛАГАНОВА,

адабиётшунос

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

18:04 / 05.04.2024 0 814
Япония сотувга қўйилади





Кўп ўқилган

Барчаси